ЮКСАК ПАХТА ХИРМОНИ УЧУН

Деҳқонларнинг машаққатли меҳнати шарофати билан истеъмол бозори фаровонлиги таъминланиб, халқимиз озиқ-овқат маҳсулотлари танқислигини сезмади.
Шунинг учун ҳам, юртимизнинг барча деҳқонларига чин дилдан заҳмат чекканликлари учун самимий миннатдорчилик билдираман.
Мамлакат Президенти Паёмидан
Қишлоқ хӯжалиги маҳсулотлари халқ истеъмол молларининг асосий қисмини ташкил қилади. Дастурхон тӯкин бӯлса, хонадонларда файз бӯлади. Қишлоқ хӯжалиги ривожланган жамият тараққиёт сари юз тутиб бораверади. Бунда давлат аҳамиятига эга бӯлган пахта хом-ашёсини етиштириш билан шуғулланаётган асил деҳқонларнинг ӯрни беқиёс. *
Мамлакатимизда қишлоқ хўжалиги соҳаси фаровон ривожланаётган соҳалардан бири саналади. Қишлоқ хўжалигини ривожлантириш аҳоли турмуш тарзини яхшилаш, ишсизлик даражасини пасайтириш, юрт дастурхонини ватан маҳсулотлари билан тўлдириш, хуллас, қатор ижтимоий масалаларни ҳал қилишда муҳим вазифани ўтайди. Айниқса, пахта экин майдонларини кўпайтириш ва пахтадан мўл ҳосил олиш долзарб масалалардан саналади.*
Тинчлик ва миллий бирлик асосчиси-Миллат пешвоси, Тожикистон Республикаси Президенти муҳтарам Эмомали Раҳмон қишлоқ хӯжалиги ходимлари билан бӯлган учрашувларда ва соҳага доир йиғилишларда ҳар доим пахта толасини хом ашё сифатида эмас, тайёр маҳсулот сифатида экспорт қилиш зарурлиги ҳақида гапиради. Пахта толаси чигитдан айириб олингандан бошлаб, ундан олинган ипдан тайёр кийим тикилгунга қадар бӯлган жараёнда бир неча саноат корхоналари фаолият юритади. Шунингдек, чигитдан ёғ ишлаб чиқарилиши, турли матолар, қоғоз, совун ва бошқалар ишлаб чиқарилишини ҳисобга олсак, ишнинг кӯлами яққол сезилади. *
Айни пайтда деҳқонларнинг пешона тери эвазига етиштирилган ҳосилни талафотсиз йиғиштириб олиш ишларига киришилган. ӯтган йилги меҳнат ютуқларидан руҳланиб, бу йил ҳам катта ишонч ва шижоат билан ерга қадаган барака уруғидан мӯл ҳосил кӯтараётган ва, халқ фаровонлиги йӯлида тинимсиз меҳнат қилаётган пахтакорлар учун ғалвирни сувдан кӯтариш пайти келди. *
Биз Жаббор Расулов ноҳиясида бӯлиб, азамат пахтакорларнинг пахта йиғим-теримига имкон қадар ёрдам бердик ва пахта ҳосилини етиштириш учун уларнинг нечоғли заҳматли меҳнатлари синганига амин бӯлдик. Ж.Расулов ноҳияси Қишлоқ хӯжалиги бӯлими бошлиғи Хайрулло Бобозода биз билан суҳбатда шундай дейди:*
–Пахта мамлакатимиз бойликларидан бири, давлат иқтисодини юксалтириш омилларидан саналади. Уни парваришлаб, юксак хирмон кӯтариш осон иш эмас. Асил деҳқон ҳар бир парча ердан ҳам унумли фойдаланади, фаровон ҳосил кӯтариш учун тинимсиз меҳнат қилади. Ноҳия пахта далаларида агротехник қоидаларга амал қилган ҳолда иш олиб борилди. Мана, натижа ёмон эмас. Об-ҳаво қулай бӯлган кунлардан фойдаланиб, етиштирилган ҳосилнинг бир мисқолини ҳам қолдирмай териб олишни ният қилганмиз. *
Мутахассисларнинг фикрича, пахтакорларнинг фидокорона меҳнати эвазига етиштирилган пахта ҳосилини қисқа муддатда уюшқоқлик билан йиғиб-териб олиш энг муҳим агротехник тадбирлардан бири ҳисобланади. Агар чигит кеч экилса, ҳосилдорлик пасайиши мумкин. Чигитнинг кеч экилишига сабаб, об-ҳавонинг ноқулай келиши ёки янги униб чиққан ниҳолларга шамол ёки шаррос ёққан ёмғирнинг талафот етказиши бӯлиши мумкин.*
Қишлоқ хӯжалиги соҳаси мутахассислари пахта теримига киришишдан олдин, аввало, далани теримга тўғри тайёрлаш лозимлигини таъкидлашади. Бунинг учун аввал чигит ӯз вақтида экилиб, эртаги пишиб етилган далаларда 45–50 фоиз кўсаклар очилган бўлса, дорилаш йӯли билан ғӯза баргларини тӯкиш тадбири ўтказилади. Бу тадбир кечки кўсакларнинг ҳам тўлиқ етилиб, очилишига имкон беради. Шундан ӯн икки-ӯн тӯрт кун ўтгач, дала пахта теримига тайёр бўлади.
Пахта йиғим-теримида мутахассисларнинг тавсияларига амал қилинган ҳолда иш юритилса, миришкор деҳқонларимизнинг заҳматли меҳнати ҳисобига етиштирилган пахта ҳосилини қисқа муддатларда уюшқоқлик билан ва исроф қилмасдан йиғиштириб олишга эришилади.
Ирода Содикова ва Ойдин Сулаймонова

Добавить комментарий

%d такие блоггеры, как: